Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигининг истиқболлари
Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини, бир сўз билан айтганда, инсон қадрини ҳар томонлама ҳимоя қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таърифлаганидек, “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ АМАЛИЙ ҚАДАМЛАР
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ривожланаётган ижтимоий ҳамкорлик муносабатлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бошланган шиддатли ва изчил ислоҳотларнинг асосий мақсадлари билан муштарак ҳамда ҳамоҳангдир.
Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш алоҳида диққат марказида турганини таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожи очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, биз ижтимоий ва ҳуқуқий давлатни бунёд этмай туриб, ўзимиз орзу қилган адолатли ва очиқ фуқаролик жамиятига эриша олмаймиз.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга қаратилган бир қатор таъсирчан чоратадбирлар амалга оширилди. Кейинги олти йил ичида қўлга киритилган муайян амалий ва аниқ натижалардан айримларига тўхталиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Биринчи натижа: қарийб 350 қонун, Ўзбекистон Президентининг 4 минг 400 дан ортиқ фармон ва қарори, бир қанча миллий стратегия, концепция ва давлат дастурлари қабул қилинди. Улар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, Гендер тенгликка эришиш стратегияси, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси, БМТнинг “Ёшлар-2030” стратегиясига асосланган Давлатнинг ёшлар сиёсатини ривожлантириш концепцияси алоҳида ўрин тутади.
Иккинчи натижа: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим чоралар кўрилди. Хусусан:
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди, Парламент Омбудсмани, БизнесОмбудсман, Болалар Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти мустаҳкамланди;
• Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия сингари бир қатор парламент институтлари фаолияти йўлга қўйилди.
Энг муҳими, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтлари изчил ривожланмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари парламент ва парламент комиссиялари, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда рўёбга чиқариш учун масъул давлат органлари фаолиятига кенг жалб этилмоқда. Шу тариқа жамиятимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти тубдан кучайди.
Учинчи натижа: ушбу соҳада мамлакат Президенти ва ҳукуматнинг 200 дан зиёд ҳужжати, бир қанча миллий стратегия, концепция ва дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Хусусан, касаба уюшмалар, волонтёрлик фаолияти, аёлларни таъқиб ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлаш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги ниҳоятда муҳим қонунлар қабул қилинди ҳамда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати, экологик назорат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшлар сиёсати тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.
Тўртинчи натижа: Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди. Натижада, бугунги кунда:
• нодавлат нотижорат ташкилотлари сони салкам 16 фоизга кўпайиб, 9 минг 800 тадан ошган бўлса, маҳаллалар сони қарийб 10 мингтага етди. Оммавий ахборот воситалари 2016 йилги ҳолат билан солиштирганда, деярли 30 фоизга ўсди ҳамда ҳозирги вақтда 1 минг 962 тани ташкил этмоқда. Ўз навбатида, миллий ахборот маконидаги интернет-нашрлар икки баробарга кўпайди ва 677 тага етди. Шу ўринда, хусусий ОАВ жамият ҳаётида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётганини таъкидлаш лозим;
• сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, экологик, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, шунингдек, Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасида давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик даражаси тубдан янги босқичга кўтарилди.
Бешинчи натижа: Давлат бюджетидан ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар миқдори беш баробардан зиёд ортди. Биргина 2022 йилнинг ўзида ижтимоий шерикликка қаратилган 700 тадан ортиқ дастур ва лойиҳалар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда;
• Ўзбекистонда истиқомат қиладиган 130 дан зиёд турли миллат ва элатлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаётган миллий маданият марказларини илк бор сезиларли даражада молиявий рағбатлантириш йўлга қўйилди. Давлат субсидиясини оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сафи ногиронлиги бўлган шахслар, аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экологик нодавлат ташкилотлар ҳисобига янада кенгайди;
• мамлакатимизнинг 11 та минтақасида “Дўстлик ва НТТ уйи” ташкил этилган бўлса, яна 3 та минтақада шундай уйлар очилиш арафасида турибди. Қолаверса, 15 та “коворкинг маркази” иш бошлади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимида доимий асосда ишлайдиган ходимлар сони 52 минг кишидан ошди.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ЎЗИГА ХОСЛИГИ ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ
Кейинги даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари, айниқса, “Халқ — қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади” деган тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда сезиларли фаоллик кўрсатаётгани кўзга ташланмоқда.
Хусусан, жорий йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Конституциявий комиссия бошчилигида конституциявий ислоҳот ҳамда Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалаларининг турли жиҳатларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва халқаро форум ўтказилди. Биринчи маротаба 200 дан зиёд миллий ННТ Конституциявий қонун лойиҳасини жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва аксилкоррупция экспертизаларидан ўтказиш жараёнларида фаол иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот доирасида Янги Ўзбекистоннинг конституциявий ўзига хослигини белгилаш назарда тутилмоқда. Бундай монандлик, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг очиқ ва адолатли фуқаролик жамияти шаклланган давлат сифатида ўзини намоён этишини, жумладан, бир қатор демократик институтларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашни тақозо этади.
Биринчидан, “Ижтимоий шериклик” институти. Вазирлар Маҳкамаси зиммасига давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, уни мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш чораларини кўриш, анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ижтимоий ҳимоя, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, ижтимоий шериклик ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларини жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар юкланган.
Иккинчидан, “Жамоатчилик назорати” институти. Бу борада, хусусан, давлатнинг бюджет сиёсати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқига эга бўлган ва камида юз минг кишидан иборат “Халқ ташаббуси” институти жорий этилгани энг муҳим янгиликлардан бўлди.
Учинчидан, Маҳалла институти. Ўзбекистон Конституциясига маҳалла институти фаолиятини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилиши режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек маҳаллалари жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг бош бўғинига айланади.
ЎЗБЕКИСТОН НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТАЖРИБАСИ ВА ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ
Янги Ўзбекистон — очиқ ва масъулиятли давлат, ўз халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқ ишончли шерикдир.
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги сўнгги 6 йилда тамомила янги марраларни забт этди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-, 75- ва 76-сессияларида, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади.
Жаҳоннинг олий минбарларидан янграган ушбу мурожаатлар асносида Ўзбекистон Президенти 30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар, асосан, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризм, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва бошқа муҳим соҳаларга тааллуқлидир.
Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани кейинги йиллардаги амалий саъйҳаракатларимизнинг юксак халқаро эътирофи бўлди. Бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор тараққиёт”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш” номли резолюциялари қабул қилингани ҳам дунё ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон эътироф этилишининг ёрқин ва ўзига хос ифодасидир.
Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Мамлакатимизда “Марказий Осиё мамлакатлари лидераёллари мулоқоти” шафелигида минтақамиздаги хотин-қизлар фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси вакиллари иштирокида минтақавий форум ташкил этилди. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича “Ёшларни глобал фаолиятга жалб этиш” мавзусида бутунжаҳон конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистоннинг ташаббуси асосида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.
Бундан ташқари, БМТ ташкил топганидан буён тарихда биринчи маротаба, Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Форум якунида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессиясининг асосий ҳужжатларидан бири сифатида тасдиқланди. Ўзбекистон Парламенти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “Самарқанд руҳи”ни рўёбга чиқаришга қаратилган “Йўл харитаси”ни тасдиқлади ва амалга оширмоқда.
2019 йили Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг VI йиллик семинари бўлиб ўтди. Семинар якунида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ: ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИЧА АНДОЗАЛАРИ
Мамлакатимизда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда янги босқичга кўтариш юзасидан бир қатор амалий таклифларни билдириш мақсадга мувофиқ.
Биринчи таклиф: “Фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорликнинг янгича андозалари — тараққиётнинг янги стратегиялари — хулқ-атворнинг янги модели” ҳамда “Мақсадлар якдиллиги ва манфаатлари умумийлиги” принциплари асосида вакиллик ва ижро ҳокимиятининг барча даражаларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсийҳуқуқий соҳаларда энг муҳим қарорлар қабул қилиниши жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини кенг жалб этиш тавсия этилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари, жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Сайлов жараёнини барқарор ривожлантиришнинг Миллий мақсад ва вазифалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия каби жуда муҳим стратегия, концепция ва дастурларни амалга ошириш жараёнларида кенг иштирок этиши зарур.
Иккинчи таклиф: ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳозир амал қилаётган шаклларини янада ривожлантиришни таклиф этаман. Хусусан, бу ўринда:
• жамоавий мурожаатлар асосида минтақавий, соҳавий ва давлат дастурлари ижроси сифатини ҳамда давлат маблағларининг сарфланиши ҳолатларини текшириш амалиёти;
• жиноятчилик, айниқса, одам савдоси, қийноқлар, уюшган ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, шунингдек, пенитенциар муассасалар ва жазони ижро этиш муассасаларида адолат ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳаларидаги жамоатчилик назорати;
• коррупция ботқоғига ботган соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциоген омилларнинг олдини олиш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш ишлари;
• аҳоли соғлиғи ва генофондига зарар етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш, қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини “экологик экспертиза”дан ўтказишни йўлга қўйиш;
• аёллар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари муаммоларига ечим топиш бўйича ишларни самарали ва манзилли асосда ташкил этиш масалалари назарда тутилмоқда.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
“Янги Ўзбекистон”
2022 йил 24 август