Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар кўп қиррали икки томонлама муносабатларни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқади
Саудия Арабистони Подшоҳлиги (САП) билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси янгиланган ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг нафақат араб-мусулмон мамлакатларида, балки бутун дунёда катта нуфузга, молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлган муҳим шериги ҳисобланади.
САП Ислом динининг маркази бўлиб, унда исломнинг асосий қадамжолари – Маккадаги “Ал-Ҳарам” масжиди ва Мадинадаги “Масжид ан-Набавий” – пайғамбар масжиди жойлашган. Шу боис Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра сафарларини адо этиш учун бутун дунё, жумладан, Ўзбекистондан келадиган мусулмонлар ҳаётида аҳамиятли ўрин эгаллайди. Айни дамда Саудия Арабистони Ўзбекистонни ислом цивилизацияси “бешиклари”дан бири деб билади.
34 млн.дан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Саудия Арабистонида олиб борилаётган сиёсат иқтисодиётнинг асосий тармоқларида давлат иштироки мавжудлиги билан тавсифланади. Шунингдек, миллий хусусий капитал фаоллигини кенгайтириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мамлакат иқтисодиётини хом-ашё (нефть) қарамлигидан максимал даражада чиқаришга қаратилган “Vision 2030” дастурини амалга ошириш бўйича САП тажрибаси катта қизиқиш уйғотмоқда.
САП ижтимоий сиёсати аҳолига ижтимоий кафолатлар яратиб бериш, ёшлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ва субсидиялашни ўз ичига олади.
Бу сиёсат ҳозирги босқичда саноат соҳасида ва иқтисодиётнинг хусусий секторида ишлаш учун миллий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни рағбатлантириш билан узвий боғлиқ.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистонини яқин тарихий, маданий ва маънавий қадриятлар боғлаб туради.
Саудия Арабистони ушбу ўхшаш жиҳатлар, шунингдек, кучли молиявий-иқтисодий ресурслар мавжудлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси учун ниҳоятда жозибадор мамлакат ҳисобланади.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган (1991 йил 30 декабрь). Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси 13 та ҳужжатдан иборат. Томонлар икки томонлама ҳамкорликни “Сиёсат, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва техника соҳаларида, ёшлар ва спорт ишларида ҳамкорлик тўғрисида”ги Ҳадли битим, шунингдек, “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик тўғрисида”ги битимларга таянган ҳолда ривожлантирмоқда.
Президент Ш.М. Мирзиёев Қирол Салмон бин Абдулазизнинг таклифига биноан 2017 йил 20-21 май куни Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожига қўшимча туртки бўлиб хизмат қилди ва икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим босқич бўлди.
Шундан буён икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар амалий моҳият билан бойитилиб, ижобий динамикани намоён этмоқда. Олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқа ва алмашинувлар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан ХПК платформасида мувофиқлаштирилган икки мамлакат тегишли вазирлик ва идораларининг биргаликдаги ҳаракатлари Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳамкорлигининг ривожланиш суръатларини сезиларли даражада оширишга имкон берди.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги савдо ҳажми 1,2 баравар ошди.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида ўзаро савдо ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12,8 бараварга ўсиб, 95,5 млн. долларни ташкил этди. Бу яқин истиқболда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш учун катта имкониятлар мавжудлигидан далолат беради.
(Маълумот учун: 2020 йилда товар айирбошлаш ҳажми 27,4 млн., экспорт 0,7 млн., импорт 26,8 млн. долларни ташкил этган эди. 2021 йилда товар айирбошлаш 17,2 млн. долларга (-40%) тенг бўлди (экспорт – 4,8 млн. доллар, импорт – 12,4 млн. доллар) тенг бўлган.
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Республикасида Саудия Арабистони капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 4,1 баробарга ошиб, ўттиз саккизтага етди (19 та ХК ва 19 та ҚК).
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) маълумотларига кўра, талаб катта бўлган юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни кўпайтириш мақсадидаги саноат кооперацияси ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга кучли туртки беради. Масалан, Saudi Aramco компаниясининг Ўзбекистонда нефть ва газни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашга жалб этилиши.
Саудия Арабистони компанияларининг мамлакатимизда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда иштироки ҳам катта аҳамиятга эга. 2021 йил якунига бориб, ушбу мамлакатдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 1,5 млрд доллардан ортиқни ташкил этди (2017 йилда 88 минг доллар).
Ҳозирги пайтда Саудиянинг Al-Habib Medical Group ва ACWA Power каби етакчи компаниялари билан лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди ва оширилмоқда.
Al-Habib Medical Group кўмагида барча тиббий маълумотларни ҳамда беморлар билан ўзаро алоқа қилиш жараёнларини рақамлаштириш ва марказлаштириш бўйича замонавий технологиялар Ўзбекистон соғлиқни САПлашни бошқариш тизимига жорий этилмоқда. Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш бўйича Al-Habib Medical Group тиббиёт академияси ташкил этилади. Шунингдек, САП касалхоналарида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида САП клиникалари стандартларига мос илғор ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган замонавий кўп тармоқли тиббиёт мажмуасини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.
Саудия Арабистони Ўзбекистон ҳудудларида энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва яшил энергетикани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширувчи энг йирик хорижий инвесторлардан бирига айланди. САПнинг ушбу тармоққа ACWA Power компанияси орқали киритган инвестициялари ҳажми 2,5 млрд доллардан ошади (ҳозирги инвестиция портфелига 4 та лойиҳа киради).
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси 2018 йилда экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2030 йилга бориб 2010 йилга нисбатан 10% камайтириш бўйича миқдорий мажбуриятни ўз зиммасига олиб, Париж битимини ратификация қилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, ACWA Power (Саудия Арабистони) ва Air Products (АҚШ) компаниялари ўртасида Ўзбекистон Республикасида қайта тикланадиган энергетика ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича очиқ келишув тузилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида Саудия Арабистони билан биргаликда қуввати 40-50 кВт бўлган тажриба электр станциясини қуриш ва водород энергияси ишлаб чиқаришда янги инновацион технологияларни қўллашни ўрганиш учун Саудия Арабистонидан беш нафар мутахассисни жалб этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда САП билан биргаликда (ялпи қуввати 1500 МВт), Бухоро ва Навоий вилоятларида (1000 МВт) шамол электр станциялари (ШЭС) қуриш ишлари бошланди. Мутахассисларнинг баҳоларига кўра, Қорақалпоғистонда шамол электр станциясининг ишга туширилиши 4 млн хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплайди ва йилига атмосферага 2,5 млн тонна ис гази чиқишининг олдини олади. Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 100 МВт бўлган битта шамол электр станцияси қурилиши бошланди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассисларининг таъкидлашича, паст углеродли иқтисодиётга ўтишда САП тажрибасини қўллаш экологик тоза технологияларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади ва 2030 йилга бориб электр энергиясининг 25 фоизини қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобига ишлаб чиқариш имконини беради.
Бу, ўз навбатида, жадал ривожланаётган Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши мақсадларига эришиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади.
Сирдарё вилоятида 1500 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам амалга ошириш жараёнида.
Ўзбекистон ва Саудиянинг SABIC компанияси амалий ҳамкорликни йўлга қўймоқда, бу мақсадда мамлакатимизда МТО (метанолдан олефин олиш) ва МТР (метанолдан пропилен ишлаб чиқариш) технологияларидан фойдаланган ҳолда инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, кимёвий ўғитлар ишлаб чиқарадиган янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналтирилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томонлар Саудия Арабистонининг бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида илғор инновацион ва сувни тежаш технологияларини жорий этишни кўзда тутувчи алоҳида инвестиция портфелини шакллантиришни кўриб чиқмоқдалар.
Саудиянинг Savola Group, SALIC, Almarai, Tamimi Group каби йирик компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотни қайта ишлаган ҳолда талаб юқори бўлган бозорларга экспорт қилиш бўйича корхоналари биргаликда яратиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ислом тараққиёт банки молиявий кўмагида Микрокорхоналарнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси ташкил этилди.
2021 йилда Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки ва Саудия тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси Ўзбекистон-Саудия инвестицион шериклигини янада кенгайтиришнинг муҳим механизмларидан бири бўлиб хизмат қилиб, унинг томонидан мамлакатимизда ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун 200 млн долларга яқин маблағ ажратилди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони давлат инвестиция жамғармаси (жами активлари 390 млрд доллар бўлган дунёдаги энг йирик суверен инвестиция фондларидан бири) мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритишни Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари нуқтаи назаридан ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши деб ҳисоблайди. Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда муҳим молиявий ёрдам кўрсатмоқда.
Томонлар Президент Ш.М. Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш, хусусан, “Мозори-Шариф–Хирот” темир йўли ва “Сурхон–Пули-Хумри” электр узатиш линияларини қуриш бўйича ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Саудия Арабистони Самарқанд-Ғузор автомобиль йўлининг бир қисми қурилишини молиялаштиришда иштирок этди.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар” халқаро транспорт йўлаги доирасида ўзаро ҳамкорлик қилмоқда, бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга имкон беради, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг жаҳон бозорларига чиқишига ва Форс кўрфаз давлатлари, шу жумладан Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шу нуқтаи назардан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходимларининг фикрига кўра, САП катта истеъмол бозорига эга эканлиги ва ўзбек озиқ-овқат, тўқимачилик (кийим-кечак, гилам, уй тўқимачилик) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (мева, сабзавот, дуккаклилар ва бошқалар) экспортчилари учун яхши имконият яратишини ҳисобга олиш муҳимдир.
Саудия Арабистонининг бир қатор сайёҳлик компаниялари САПдан Ўзбекистонга сайёҳларни юборишдан манфаатдор. Хусусан, Zahid Travel Group сайёҳлик агентлиги давлат идоралари ёки хусусий сектор сайёҳларининг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бунга Uzbekistan airways” АЖ ва FlyNas авиакомпанияси ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми ҳам ёрдам беради. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган икки мамлакат сайёҳлик идоралари ўртасида ҳамкорликнинг қўшма дастури ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларининг фикрига кўра, САПдан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистонда Саудия Арабистонининг Masarat Adventure Club каби йирик сайёҳлик компаниялари билан халқаро даражадаги юқори сифатли хизматларни кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, шунингдек, туризмни ривожлантириш дастурлари мақсадларига эришишда ҳамкорликнинг “Йўл харитаси”ни қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш, туризмни ривожлантириш дастурлари, жумладан, энг яхши амалиётлар алмашинуви (хусусан, САП “Vision 2030” дастури доирасида), сайёҳлик компаниялари учун ўзаро амалиёт, туристик объектларни ривожлантириш, ободонлаштириш ишлари учун грантлар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш мумкин.
Мамлакатларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам яхши истиқболга эга. Шу мақсадда томонлар икки мамлакат иқтисодиёти тармоқлари шароитида малакали меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда меҳнат масалалари бўйича амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилайдиган ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолашдан манфаатдордирлар.
Икки мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омили сифатида фан ва технологиялар соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари мавжуд. Бунга Тошкент технопарки ва Қирол Абдулазиз номидаги фан ва технологиялар маркази ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиши ёрдам беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигига бўлажак ташрифи доирасида Ўзбекистон-Саудия музокаралари савдо ва инвестиция, ахборот технологиялари, электроника, биотехнология, энергетика, нефт-газ, газ-кимё ва кимё саноати, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни САПлаш ва фармацевтика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш масалаларида ҳам.
Икки мамлакат ишбилармон доираларини янада яқинлаштириш учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг етакчи ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар бизнес ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун асос бўлмоқда. Бу ички истеъмолнинг юқори ҳажми ҳисобига шаклланаётган юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ҳудудий ва ташқи бозорларга чиқиш имконини беради.
Ташриф якунлари бўйича эришиладиган келишувлар кўп қиррали Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари ривожини янги босқичга кўтаради, хусусан, қўшма дастур ва лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, Ўзбекистонда инвестиция компаниялари ва микромолия ташкилотларини ташкил этишни ривожлантиришга кўмаклашади.
Муҳсинжон Холмуҳамедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари