Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг якунларига бағишланган брифинг ўтказилди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2022 йил 1 август куни парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида ахборот берилди.
Брифинг парламент қуйи палатасининг YouTubeдаги расмий саҳифасида жонли эфирга узатилди.
Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов умумхалқ муҳокамаси жараёнида вазирлик, идора ва ташкилотларда, республика бўйича барча туман ва шаҳарларда, шунингдек Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгаш депутатларининг сайловчилар билан учрашувларида жами 20 мингга яқин муҳокама тадбирлари ташкил қилинганини маълум қилди.
Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлар қўшимчалар мавзусида давлат ва нодавлат телеканалларда 11,5 мингдан ортив лавҳа, интервью, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилди, радиоканалларда 3 мингга яқин информацион ва махсус эшиттиришлар ташкил қилинди. Марказий, ҳудудий ва сиёсий партиялар нашрларида 1 минг 100 дан кўпроқ мақола чоп этилган. Конституциявий ислоҳотлар юзасидан интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда жами 46 минг 720 та ахборот материали эълон қилинган.
Маълум қилинишича, умумхалқ муҳокама жараёнида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган. Таклифларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 56% ташаббускори эркаклар, 40% эса аёллар бўлиб, қолган 4% ўзларининг шахсини очиқламаган. Таклифларнинг 67 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар тақдим этган.
Таклиф муаллифларининг энг кичиги – 15 ёшни ва энг ёши улуғи – 95 ёшни ташкил этмоқда.
Хориждаги ватандошларимиз ҳам мазкур жараёнда бефарқ бўлишмади. Жумладан, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.
Умумхалқ муҳокамаси давомида қарийб 40 маротаба масъул қўмиталарнинг мажлислари ўтказилди. Уларда мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг таклифлари масъул қўмиталарда муҳокама этилди. Узоқ ҳудудларда жойлашган таклиф эгалари билан эса масофадан туриб онлайн иш олиб борилди.
Конституциявий қонун лойиҳасини бугунги кунда 7 турдаги экспертиза, жумладан:
• Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси томонидан лингвистик экспертиза;
• Қонунчилик палатаси юридик бошқармаси томонидан ҳуқуқий экспертиза;
• Адлия вазирлигидан дастлабки тарздаги ҳуқуқий экспертиза;
• Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан гендер-ҳуқуқий экспертиза;
• Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга қарши экспертиза;
• Савдо-саноат палатаси томонидан жамоатчилик экспертизаси;
• Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилди.
"Яна қўмиталарнинг қўшма йиғилишини ўтказамиз, ундан кейин сиёсий партиялар фракцияларида муҳокамалар ўтказамиз ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқамиз. Албатта, ҳар бир жараённи очиқ ва ошкора ёритиб борамиз.
Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан уни депутатларимиз муҳокамасига киритамиз. Депутатларимиз фикрини олган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйилишини режалаштирганмиз", деди брифингда Жаҳонгир Ширинов.
“Дунё” АА