Ўзбекистон ECOSOCнинг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланди
2022 йил 13 апрель куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC)нинг йиллик йиғилиши доирасида Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссиянинг 2023-2026 йиллардаги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон акклимация (умуммаъқуллаш) йўли билан 2023-2026 йилларда Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссия аъзолигига сайланди.
Комиссия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ёрдамчи органи ҳисобланади. Тузилма 1992 йилда ушбу йўналишдаги сиёсатни такомиллаштириш мақсадида Бош Ассамблея ва ECOSOCга долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган. Комиссия БМТнинг умумий тизими доирасида фан ва технологиялар бўйича тавсиялар ва кўрсатмалар ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди.
Комиссия таркибига ECOSOC аъзолари томонидан сайланадиган 43 мамлакат киради. Бош Ассамблеянинг савдо, молия, технологиялар, инвестициялар ва барқарор ривожланиш соҳасидаги асосий органи бўлган Савдо ва ривожланиш бўйича конференция (UNCTAD) Комиссиянинг котибияти ҳисобланади. Комиссия аъзолари ўз йиғилишларини Женева шаҳрида ўтказади.
Янги сайланган давлатлар, жумладан, Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Комиссия таркибига киради.
Ўзбекистонга БМТнинг ушбу муҳим органи ишида иштирок этиш имконияти тақдим этилгани мамлакатимизда фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг эътирофи бўлди. Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлатимизни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш мақсадлари ва замонавий илм-фан ютуқларини ҳисобга олган ҳолда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлиги тўғрисидаги даъватига тўлиқ жавоб беради.
Ўзбекистоннинг комиссия аъзоси сифатида унинг фаолиятига фаол жалб этилиши фан, техника ва инновациялар соҳасидаги энг муҳим глобал тенденцияларни ишлаб чиқиш, режалаштириш ва прогнозлаш бўйича тўпланган тажриба ва илғор услублар билан янада яқинроқ танишиш имконини беради. Бу, айниқса, мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётида рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва илгари суриш, республикамизнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ECOSOC комиссиясининг аъзоси сифатида ушбу орган фаолиятига муносиб ҳисса қўшади. Ўз навбатида, ушбу муҳим тузилмага аъзо бўлиш Ўзбекистон томонидан 2030 йилгача бўлган давр кун тартибини жадал амалга оширишга, илмий-техник, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун илғор инновацион ечимларни жалб қилиш ва жорий этишга, шунингдек, давлатимизнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга ёрдам беради.