Покистонда “Study in Uzbekistan” кўргазмаси ўтказилади

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон федерал таълим ва касбий тайёргарлик давлат вазири Важиҳа Қамар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида таълим, хусусан, олий таълим соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида академик ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Важиҳа Қамар ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Покистон делегацияси раҳбари сифатида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини илиқ ёдга олди.
“Бунга қадар ЮНЕСКО Бош конференциясининг бир қатор сессияларида иштирок этганман, аммо Самарқандда ўтказилган анжуман ҳам мазмуний, ҳам ташкилий нуқтаи назардан олдингиларидан мутлақо фарқ қилди. 43-сессия турли мамлакатлар вакиллари ўртасидаги муҳокама эмас, балки байрам тадбири сифатида ўтди. Бошқача айтганда, ҳеч ким музокаралар ва ишдан чарчоқни ҳис этмади, аксинча ҳар бир кун ўзига хос тарзда сермаҳсул ва мароқли ўтди. Аминманки, ушбу нуфузли тадбир доирасида Ўзбекистонда бўлган ҳар қандай мамлакат ёки халқаро ташкилот аъзоси фикримни тасдиқлайди”, – деди у.
Шунингдек, Важиҳа Қамар, Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашганини, Самарқанд давлат чет тиллар институти фаолияти билан танишганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Покистон вакиласига сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёш авлодни олий таълим билан қамраб олиш, таълим сифатини ошириш ва унга илғор хорижий тажрибани жорий этиш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва касбий кўникмаларини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Бундан ташқари, томонлар Тошкент давлат тиббиёт университетининг Покистонда филиалини ташкил этиш ёки қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун Покистондан малакали кадрларни етказиб бериш, “Study in Uzbekistan” кўргазмасини ўтказиш ва бошқа масалалар хусусида фикр алмашдилар.