"The World News": Тошкент 2026 йилда Осиёнинг саёҳат қилиш учун энг яхши манзили

Покистоннинг оммабоп "The World News" янгиликлар платформасида "Тошкент 2026 йилда Осиёнинг саёҳат қилиш учун энг яхши манзиллари рўйхатига киритилди" сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Унда Тошкент "Condé Nast Traveler" халқаро сайёҳлик журнали томонидан "2026 йилда Осиёда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар" рўйхатидан жой олгани хабар қилинган.
Журнал томонидан эълон қилинган рейтингда қайд этилишича, шаҳар ўзининг тарихи ва замонавийлигининг ноёб уйғунлиги билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бу ерда қадимий мадрасалар ва бозорлар янги маданий майдонлар билан ёнма-ён жойлашган ва саёҳатчилар учун ўзига хос муҳит яратади.
"Condé Nast Traveler" нашрининг ёзишича, Тошкент Марказий Осиёнинг маданий туризм марказига айланиб бормоқда. Янги "Ислом цивилизацияси маркази" мажмуаси ва "Замонавий санъат маркази" галереяси очилиши шаҳарни ҳам қадимий анъаналар, ҳам замонавий бадиий ҳаёт билан танишиш имконини яратувчи масканга айлантиради.
"Бугунги кунда Тошкент сайёҳларни нафақат Ўзбекистоннинг гўзал масканларига йўналтирувчи бошланғич нуқта сифатида, балки мустақил сайёҳлик йўналиши сифатида ҳам жалб қилмоқда. Шаҳар бой маданий дастур ва Марказий Осиё пойтахтининг ўзига хос муҳитини тақдим этиб, янги таассуротлар ва одатий бўлмаган саёҳатларни излайдиганлар учун албатта бориб кўриш лозим бўлган манзилга айланади", – деб ёзган "The World News".